12 Январ 2026 302

Кун дайжести: Чавандозимиз Абу-Дабида совриндор, ёш боксчи қизлар сараланмоқда, таэквондочиларимиз ҳам янги мавсумга тайёрланишмоқда

🏇 Бекзод Қурбонов Абу-Дабидаги нуфузли турнирда совриндор бўлди

7-11 январь кунлари БААнинг Абу-Даби шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича CSI 5* таснифидаги нуфузли мусобақа бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Қурбонов Гран-при дастурида иккинчи натижани қайд этди ва кумуш медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз ушбу муваффақиятга “Santos Hippica” лақабли тулпори билан эришди.

🥊 Бокс бўйича ўсмир ва ёш қизлар ўртасида мамлакат чемпионати ўтказилмоқда

Шу кунларда пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс бўйича қизлар (ўсмирлар ҳамда ёшлар) ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда мусобақа ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб улгурган. Бугундан ярим финал жанглари старт олди. Режага кўра, 14 январь куни финал баҳслари ташкил этилади.

🥋 Таэквондочиларимиз ҳам янги мавсумга тайёргарликни олиб боришмоқда

Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўлиқ таркибда пойтахтимизда машғулотларга киришди. «Универсал» спорт саройида ўтказилаётган йилнинг илк ўқув-машғулот йиғинида жами 45 нафар таэквондочиларимиз иштирок этмоқда. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилиб, унда асосан, спортчиларнинг техник ва тактик кўникмалари устида ишланмоқда.

Text to speech